ЮНЕСКО БОШ ҚАРОРГОҲИДА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИНИНГ ХАЛҚАРО ТАҚДИМОТИ БОШЛАНДИ
Айни пайтда Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган "Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифатнинг уфқлари" мавзусида халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.
Тадбир аввалида Ўзбекистоннинг бой илмий-маънавий мероси, Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши ва фаолияти акс эттирилган махсус видеоролик намойиш этилди. Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан сўзлаган нутқидан лавҳалар ҳам ўрин олган.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳоликов, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низами, Лондондаги Al-Furqan фонди ижрочи директори Сали Шаҳсивари, Франциядаги Темурийлар санъати ва маданиятини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммадов, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Камол Мухторов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов иштирок этмоқда.
Конференцияда Ўзбекистоннинг буюк илмий-маънавий мероси, Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, шунингдек, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий мулоқот майдони сифатидаги салоҳияти муҳокама қилинмоқда.
Telegram | YouTube | Instagram | Facebook | X|iccu.uz