МОХОВ, КАЛ ВА КЎР ҚИССАСИ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Бани Исроилдан уч кишини – мохов, кал ва кўрни Аллоҳ таоло синамоқчи бўлиб, уларга фариштани жўнатди. У моховнинг олдига келиб:
– Сенга нима ёқади, нимани истайсан? – деб сўради.
– Чиройли ранг, чиройли тери ёқади ва одамлар мендан жирканадиган нарсанинг кетишини истайман, – жавоб берди мохов.
Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса кетди, чиройли ранг, чиройли тери ато қилинди.
Сўнг сўради:
– Сенга молнинг қайси тури ёқади?
– Туя, – деди.
Унга ўн ойлик бўғоз туя бериб:
– Аллоҳ сенга барака берсин, – деди.
Кейин фаришта калнинг олдига келиб:
– Сенга нима ёқади ва нимани истайсан? – деб сўради.
– Чиройли сочлар ёқади ва одамлар мендан жирканадиган нарсанинг кетишини истайман, – деб жавоб берди кал.
Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса ариди, чиройли соч ато қилинди.
Сўнг ундан сўради:
– Сенга молнинг қайсиниси ёқади?
– Қорамол, – деди.
Унга бўғоз сигир берди ва:
– Аллоҳ сенга барака берсин! – деди.
Кейин фаришта кўзи кўр одамнинг олдига борди ва:
– Сен нимани ёқтирасан ва нимани истайсан? – деб сўради.
– Аллоҳ менга кўриш қобилиятимни беришини истайман, – деди у.
Фаришта уни силади, Аллоҳ унинг кўзини очди.
Сўнг сўради:
– Сенга жонзотлардан қай бири ёқади?
– Қўй, – деди.
Унга бўғоз қўй берди ва дуо қилди.
Туя, қорамол ва қўйлар барчаси кўпайиб кетди. Биринчисининг туялари бир водий бўлди. Иккинчисининг бир водий қорамоли бўлди. Учинчисининг бир водий қўйи бўлди.
Кейин фаришта моховнинг олдига, у шифо топиб бойиб кетишидан аввалги суратида келди.
Унга:
– Мен бир мискин мохов кишиман. Сафаримда боримдан ажрадим. Бугунги кунда борар жойим қолмади. Сенга чиройли ранг ва чиройли ҳусн берган Зот ҳақи сўрайман – битта туя бер, бирор манзилга етиб олай, – деди.
Мохов унинг сўраганини беришдан бош тортди.
Мискин суратдаги фаришта:
– Аллоҳга қасамки, сени таниётгандекман. Сен одамлар жирканадиган мохов ва фақир эмасмисан? Аллоҳ сенга (бу неъматларни) ато қилмадими? – деб сўради.
– Йўқ. Мен бу молни мерос қилиб олганман, – дея жавоб қайтарди мохов.
– Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин, – деди фаришта.
Сўнг фаришта калнинг олдига бориб, унга ҳам шунга ўхшаш гап айтди. У ҳам аввалгига ўхшаш ишни қилди.
– Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин, – деди фаришта унга ҳам.
Ундан сўнг кўрнинг олдига бориб, ундан хайрэҳсон сўради. Олдин кўр бўлган киши:
– Эй, киши! Мен ҳам кўр бўлган эдим, Аллоҳ кўзимни очди. Камбағал эдим, Аллоҳ мени бой қилди. Хоҳлаганингча олиб, хоҳлаганингча қолдир! Аллоҳга қасамки, бугунги кунда Аллоҳ учун олганингга қизғанмайман – деди.
Шунда фаришта:
– Молинг ўзингга буюрсин. Мен сизларни синаган эдим, Аллоҳ сендан рози бўлди. Иккала биродарингга эса ғазаб қилди».
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Биз билан бирга бўлинг👇
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA
Post #80590
2.03K