Google Play Protect ҳимояси зарарли иловаларга қарши қандай курашади?
Деярли барча Android қурилмаларида Google компанияси томонидан ўрнатилган хавфсизлик тизими (халқ тилида Антивирус) мавжуд.
Фақатгина Google хизматлари мавжуд бўлмаган (асосан Хитой учун чиқарилган) баъзи смартфонларда ушбу тизим ўрнатилмаган.
Смартфонингизда Google ҳисоби (аккаунт) киритилган бўлса, тизим тўлиқ ишлаб туради ва версиясини (база) янгилаш кабилар талаб этилмайди.
Google Play Protect қурилма хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради, хусусан:
- Play Маркетдан юклаб олган барча иловаларни олдиндан текширади;
- учинчи томон манбаларидан (сайт, канал, гуруҳлар ва бошқа қурилмадан) ўрнатилган иловалар хавфсизлигини текширади;
- таҳдид ҳақида огоҳлантиради ва маълум хавфли иловаларни қурилмадан ўчиради;
- муҳим маълумотларни яширадиган ёки бузиб кўрсатадиган, шу билан исталмаган дастурий таъминот қоидаларини бузадиган иловалар тўғрисида сизга хабар беради;
- иловалар фойдаланувчи рухсати ёрдамида шахсий маълумотларингизга кириш ҳуқуқига эга бўлса ва шу билан ишлаб чиқарувчи Қоидаларини бузса, сизга махфийлик бузилиши ҳақида билдиришномаларни юборади.
Ҳимоя ҳолатини қандай текшириш мумкин
1. Смартфонингизда "Google Play Маркет" иловасини очинг
2. Меню белгисини босинг, кейин Play Protect
3. Қурилмангиз ҳолати тўғрисидаги маълумотларни кўринг.
Play Protect ҳимоясини қандай ёқиш ёки ўчириш мумкин
Муҳим! Google Play Protect ҳимояси одатта ёқилган бўлади. Уни ўчириб қўйиш мумкин, аммо хавфсизлик сабабли биз буни тавсия қилмаймиз.
1. Смартфонингизда "Google Play Маркет" иловасини очинг
2. Меню белгисини босинг, Play Protect ни танланг ва "Созламалар" бўлимидан ҳимояни ёқиб ўчиришингиз мумкин.
Google Play Protect ҳимояси қандай ишлайди
Google Play Protect иловаларни ўрнатиш пайтида текширади ва қурилмангизни вақти-вақти билан текшириб туради. Агар потенциал хавфли илова аниқланса, Play Protect :
- Сизга билдиришнома юборади. Қурилмангизни ҳимоя қилиш учун билдиришномани босинг ва Ўчиришни танланг.
- Агар сиз уни ўчирмасангиз, иловани блоклайди.
- Иловани ўчиради. Кўпинча хавфли иловалар автоматик равишда ўчирилади, шундан сўнг тегишли хабар пайдо бўлади.
#маълумот #антивирус
@gsmgurus_FAQ
Post #852
7.52K