Огох бўлинг! Интернетдаги "зараркунанда" ва фирибгарлар.
Бу мавзуга тўхталишимизга сабаб, охирги пайтларда ҳар хил сайтлар ва Telegram гурухларда фойдали илова, ўйин ёки китоб кўринишидаги APK (Android тизимида дастурларни ўрнатиш учун ишлатиладиган файл формати) файллар ва улардан зарар кўрганларнинг мурожаатлари бўлди.
Кундалик ҳаётимизда бизни яхши ва бировга зарари тегмайдиган одамлар қуршаб олган бўлиши мумкин. Лекин интернет оламида биз танимаган ва мақсадлари турлича бўлган инсонларни учратиш мумкин.
Ўта ишонувчанлик, қизиқувчанлик ва етарлича маълумотга эга бўлмаслик туфайли, ҳар хил майда фирибгар ва "зараркунандалар" дан жабр чекаётганларнинг сони ортиб бормоқда.
Масалан:
- Бирор бир фойдали ва сиз анчадан бери излаб юрган илованинг (ўйиннинг) "текин" версияни кўриб қоласиз ва шу захотиёқ уни юклаб олиб ўрнатасиз. Кўпчилигимиз, иловани ўрнатиш жараёнида ҳатто эътибор ҳам бермаймиз, оддий обой ёки рингтонлар иловасига "СМС хабарлар жўнатиш" ҳуқуқи нима учун керак экан деб.
Смартфондан бутун маълумотларни ўчириб ташлаш ёки смартфонни тўлиқ бошқариш зарарли иловалари ўрнатилиб, биринчи очилишида "Администратор ҳуқуқини" (Қурилма маъмури) талаб қилади ва шу жойида ҳам иккиланмасдан, бу ҳуқуқни ўз қўлимиз билан ёқиб қўямиз.
"Администратор ҳуқуқи" бу - тизимни тўлиқ бошқариш ҳуқуқи дегани, яъни зарарли илова бу ҳуқуқни қўлга киритгач, тўлиқ маълумотларингизни ўчириб ташлаши, паролингизни ўзгартириб қўйиши, смартфонни қулфлаб қўйиши, ўчириб бўлмайдиган реклама ва иловаларни яратиши мумкин.
Юқоридаги муаммоларга учрамаслик учун, мен ҳар доим расмий манбалардан илова ва ўйинларни юклаб олишни тавсия бераман.
Расмий манба бу энг биринчи ўринда - Google Play ва ҳар бир смартфон ишлаб чиқарувчисининг иловаларни юклаб олиш электрон дўконлари (Samsung Galaxy Store, Huawei AppGalery ва бошқ.).
Норасмий манбалардан пуллик илова ва ўйинларнинг "текин" версияларни ўрнатиб олмоқчи бўлганларга эса. Ушбу Telegram бот (@easyantivirusbot) орқали ҳар бир APK файлларни бирданига бир неча антивирусда текшириб, кейин ўрнатишни ва албатта илованининг тизимдаги ҳуқуқларига эътибор беришларини маслаҳат бераман.
Эслатиб ўтаман смартфон тизимга зарарли файллар бу асосан APK (Android тизимида дастурларни ўрнатиш учун ишлатиладиган файл формати) файллар кўринишида бўлади. Яъни мусиқа (mp3), видео, расм, документ кўринишидаги файллар зарарсиз ҳисобланади.
Эътибор беринг мусиқа ёки китобларни APK файл сифатида кўчириб, смартфонингизга ўрнатманг! Мусиқа асосан mp3, китоблар эса pdf, djvu, epub, mobi, txt, fb2, doc форматида кўчирилади.
Агарда Сиз зарарли иловани смартфонингизга ўрнатиб, уни ўчиришга қийналаётган бўлсангиз, тизимдаги "хавфсиз режим" (Безопасный режим) имкониятидан фойдаланиб, энг охирги ўрнатган иловаларингизни бирма-бир ўчириб чиқинг. Бу усул Сизга ёрдам бермаса, маълумотларингизни компьютерга ёки SD картага сақлаб, тизимни қайта юклаш (маълумотларни тўлиқ ўчириш) имкониятидан фойдаланинг.
Смартфонингизни қулфлаб қўйиб, очиш учун эвазига Paynet орқали тўлов қилиш ёки WebMoney орқали давлатга жарима тўлашни талаб қилаётган илова ва баннерларга ишонманг. Ҳеч қачон давлатга жарима WebMoney тўлов тури орқали амалга оширилмайди. Ҳар хил видео ва фото "ишқибозларига" (афсуски кўпчилиги ёшлар) маслахатим , интернетга - ўз келажагизни ва хоббингизни яратиш учун энг яхши манба сифатида қаранг.
Шу мавзуга оид каналимизда анча олдин ёзилган мақола ва бошқа манбаларда ўзбек тилида ёзилган мақолалар (1, 2) .
Кейинги хабарларимизда фирибгарлар ва уларнинг усуллари ҳақида ёзишга ҳаракат қиламиз.
#маълумот
Post #455
6.78K