Аллоҳ таолонинг “Самиъ” сифати
Аллоҳ таолонинг субутий сифатларидан яна бири “Самиъ”дир. “Самиъ” сўзи “эшитиш” маъносидадир. Аллоҳ таоло ҳар қандай овоз ва товушни, сўз ва гапни эшитади. Бақара сурасининг 137-оятида бундай марҳамат қилинади: “…У Самиъ (эшитувчи ) ва Алим (билгувчи)дир”. Эшитмаслик ожизлик ва нуқсондир. Аллоҳ таоло айбу нуқсонлардан муназзаҳдир, масъумдир, покдир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овозларини баланд кўтариб Аллоҳ таолога дуо қилаётган кишининг олдидан ўтаётиб, айтдилар: “Овозларингизни баланд кўтарманглар, сизлар дуо қилаётган Зот ғойиб ҳам ва кар ҳам эмас”(Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ким Аллоҳ таолонинг сифатларини, жумладан, эшитиш ва кўриш сифатларини инкор этса, диндан чиқади. “(Эй Муҳаммад!) Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ сиз иккингизнинг сўзлашувингизни эшитур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир” (Мужодала сураси, 1-оят).
Аллоҳ таоло оятда айтилган сўзларни эшитганини, келажакда ҳам, ҳозирда ҳам эшитишини баён этмоқда, ким уни инкор қилса, кофир бўлади (Ат-Тамҳид ли қоваъидит-тавҳид).
Соатмурод ПРИМОВ
Тошкент ислом институти проректори
✈️Telegram 👤Facebook 🎥Youtube 📸 Instagram
Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
Post #59599
4.33K

- ❤ 12
- 👍 4
- 😢 2