💫
ЭЛ НЕТИБ ТОПҒАЙ МЕНИ... (Навоий ғазалига мухаммас)Кўнглим айтур севги домига асир тайёраман,
Дер кўзим ҳижрон туни зор йиғламоқдин қораман,
Жон дегай, ўт ораман, тан айтадир, минг пораман,
То муҳаббат дашти бепоёнида овораман,
Ҳар балият келса ишқ ошубидин бечораман.Ул хазон фаслидаги саргашта бир япроқ манам,
Айрилибдурман чамандан, масканим дашти адам,
Изламанг ҳаргиз нишоним, топмагайсиз зарра ҳам,
Эл нетиб топғай мениким, мен ўзимни топманам,
Бўйлаким ишқу жунун саҳросида овораман.Карбало даштида кўрган оҳулар бирлан мани,
Англади Мажнун билан бир жон мани, бир тан мани.
Ёнди жон, бир лайливашнинг дарди куйдирган мани,
Оҳ дуди ичра бир учқун каби кўрган мани
Билдиким, ҳижрон тунига кавкаби сайёраман.Қошларинг ҳижронида ёйдек эгилсам не ажаб,
Ғунча лаълинг ишқида бағримни тилсам не ажаб,
Шамъи ҳуснинг шавқида ўтга ёқилсам не ажаб,
Кеча ўртансам, саҳар фарёд қилсам не ажаб,
Ишқ аро парвонаю булбулга мен ҳамкораман.Хўблар васли ғанимат, хизматини айлади хўб,
Нури дийданг шамъ этиб тут, қоматингни айла чўб,
Борида қадрига ет, кетганда тупроғини ўп,
Эй Навоий, борди деб аҳбоб таъзир этма кўп,
Ит каби мен эргашиб ул карвонга бораман. ✍
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1995 йил👇👇👇
🌐 www.facebook.com/evohidov
🌐https://t.me/erkinvohidovijodi
🌐 www.erkinvohidov.uz