Рақобат қўмитаси айрим банкларда кредитнинг ойлик тўловидан ортиқча киритилган маблағлар асосий қарзни сўндиришга йўналтирилмаётгани юзасидан Марказий банкка таклиф киритди.
Қўмитага келиб тушган мурожаатларга кўра, айрим банкларда кредитнинг ойлик тўловидан ортиқча киритилган маблағлар асосий қарзни сўндиришга йўналтирилмай, транзит ҳисобварақларида қолиб кетмоқда. Натижада асосий қарз миқдори камаймайди ва унга фоиз ҳисобланиши давом этади.
Қайд этилишича, айрим тижорат банкларининг кредит шартномаларида ортиқча тўланган маблағларни асосий қарзни сўндиришга йўналтириш мажбурияти аниқ белгиланган. Бироқ амалиётда ушбу талаб бажарилмаётган ҳолатлар учрамоқда. Шунингдек, банкларнинг мобил иловаларида кредит тўловларини бошқариш имкониятлари ҳам етарли эмаслиги таъкидланган.
Қўмитага кўра, ортиқча тўланган маблағларни асосий қарзни сўндиришга йўналтирмаслик ва фоиз ҳисоблашни давом эттириш «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига зид.
Банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларда тижорат банклари фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга мувофиқ, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ойлик тўловдан ортиқча тушган маблағлар асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши керак. Бунда кредит суммаси қайта ҳисобланиши, банк дастурий таъминотидаги носозликлар эса қарз олувчининг мажбуриятлари ошишига сабаб бўлмаслиги лозим.
Шу муносабат билан қўмита Марказий банкка иккита таклиф киритди:
Низомнинг ортиқча тўланган маблағларни асосий қарзни сўндиришга йўналтириш тартибини белгиловчи 37-бандини амалиёт ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш.
Кредитлар бўйича ҳисоб-китоблар, жумладан, муддатидан олдин сўндириш шартларини «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун каби қонунчилик ҳужжатларида белгилаш.
Хорижий тажриба сифатида қўмита АҚШдаги айрим банклар амалиётини мисол келтирди. Уларда мижозлар мобил илова орқали «Principal Only» — «Фақат асосий қарз» опциясини танлаб, қўшимча маблағларни бевосита кредитнинг асосий суммасини камайтиришга йўналтириши мумкин.
Шунингдек, Россия ва Қозоғистонда кредитларни қўшимча тўловлар ва жарималарсиз муддатидан олдин сўндириш имконияти мавжудлиги, Европа Иттифоқида эса қарз олувчилар кредитнинг қолган муддати учун фоизлар ва харажатларни камайтириш ҳуқуқига эга экани қайд этилган.
⚡️ @BugungiGap - ТВда кўрсатилмайдиган тезкор хабарлар.
